Қишлоғимизда, Новқа яйловларида Абдураҳмон бобонинг набиралари сурув-сурув қўйлари ҳайдайди. Қўй боқишда чўпонга ҳар бири боқувдаги қўчқордай келадиган сиртлон – бўрибосарлар кўмаклашади.
Бу итлар нафақат қўриқчилик қилади, балки қўйларни сувга ҳайдаб обориб-қайтариб ҳам кела олади. “Ол-а, кишт!” деса йиртқичлиги тутиб, ташланади, “қайт, ёт!” дейилганда ўша ўзи қараб юрган қўйданда ювош тортади.
Бу итларнинг кучукчалари туғилмасдан аввал харидор бўлганлар она бўрибосар учун емиш келтириб, чўпон бобога хушомадни бошлашади…
Маълумотларга қараганда, итларни хонакилаштириш 10-12 минг йил олдин бошланган. Дастлабки чўпон итларининг асосий вазифаси уйдаги подани йиртқич жонзотлардан қўриқлаш бўлган. Кейинчалик улардан яйловлардаги молларни қўриқлашда, юкларни ташишда ҳамда ҳарбий соҳада ҳам фойдаланила бошланди. Аста-секин уларга шахсий соқчи вазифаси ҳам юклатилди. Шундан келиб чиқиб, энди итларни бажарадиган вазифаларига қараб гуруҳларга ажратиш мумкин.
Бугунги кунда бутун дунёда жиноят изини топишда, ашаддий жиноятчиларни қўлга олишда ҳам итлар хизматидан фойдаланилди.
Қутқарувчи итлар эса инсонларга ўта оғир дамларда ёрдамга етиб келади. Улар ер қимирлаганда ҳосил бўлган уюмлар орасидаги жабрланган одамларни қидириб топишда катта фойда беради. Бундай махсус ўргатилган итлар 5 метр чуқурликда одам бор-йўқлигини сеза олади.
Бугунги кунда бу жониворлар ногиронларнинг ҳам ёрдамчисига айланмоқда. Бу гуруҳдаги итлар китобни ердан кўтаради, қаламларни олиб беради, чироқни ёқиб-ўчиради, эшикни очиб-ёпади, лифт тугмасини босади…
Инсоният коинотни ўрганишдаги дастлабки жиддий қадамларни ташлай бошлаганида ҳам шу жониворлар кўмагидан фойдаланган. Масалан, биринчи бўлиб 1957 йил 3 октябрда Лайка лақабли ит космосга учирилган. Махсус органларига датчик ўрнатилган ит сабабли марказга қимматли физиологик ахборотлар юборилиб турилган. Кейинги йилларда эса яна Белка ва Стрелка, Мушка ва Пчелка, Звездочка лақабли итлар бир суткага яқин орбитада бўлишган.
… Бўрибосарнинг эгаси кўнгилчан инсон. Шунинг учун энди туғилган кучукни янги эгаларига топширгунча, яъни улар ўзини эплай оладиган даражага етгунига қадар парваришлаб беради. Олдинлари қишлоқда бўрибосар итлар кўп бўлар эди. Ҳозир уларнинг насли камайиб кетди. Бугун баҳайбат итлар асосан чўпонларда сақланиб қолди.
Икром Аввалбоев