Германиянинг Тюринген, Саксония ва Саксония-Анхальт федераль ерлари аҳолиси учун асосий ахборот тарқатувчи “MDR – Der Mitteldeutsche Rundfunk” ҳисобланади. MDR – Марказий Германия радиоэшиттиришлари тармоғининг Лейпциг, Дрезден, Эрфурт ва Магдебургда минтақавий студиялари бор.
MDRда икки минг нафарга яқин ходим меҳнат қилади. Асосий телевидение маркази Лейпцигда, асосий радиостудияси эса Ҳалле шаҳрида жойлашган.
Саксония медиа таълим фонди(SSM), “S-WOK Intornational GmbH” агентлиги ва Германиядаги яна бошқа соҳага алоқадор қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилган Марказий ва Шарқий Европа журналистлари семинари иштирокчилари асосий телевидение маркази ва радиостудиясида бўлди.
Журналистлар MDR масъуллари, хусусан Марказий Германия радиоэшиттиришлари тармоғининг жамоат ҳуқуқини ҳимоя қилиш институти директори Сандро Виролидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
MDR мустақил равишда ва мамлакатдаги бошқа телекомпаниялар билан ҳамкорликда қатор телевизион ва радио тармоқлар учун дастурлар ишлаб чиқади.
MDRнинг “Das Erste” – Германиянинг асосий жамоат телевизион тармоғи, “KiKa” – ARD ва ZDF томонидан бошқариладиган болалар тармоғи, “Arte” – Франция-Германия маданий канали, “3sat” маданий тармоғи фаолият юритади.
Шунингдек, MDRнинг мусиқа, маданият, янгиликлар, болалар мавзулари йўналишларидаги ўнта радио канали ишлаб турибди.
– Бу семинарнинг аҳамияти биз учун ҳам, иштирок этаётган журналистлар учун ҳам катта, – дейди Сандро Вироли. – Чунки оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги эришилган натижалар бўйича Германия етакчи ўринда туради. Етакчи бўлиш учун эса соҳага энг замонавий технологияларнинг жалб этилгани, малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда бошқа соҳаларда бўлгани каби журналистика ҳам мунтазам изланишни, тажриба алмашишни талаб қилади. Шу маънода, бу семинар доирасида биз ўз ютуқларимизни нафақат намойиш қиламиз, балки турли давлатлардан келган журналистлардан уларнинг тажрибалари ҳақида қўшимча маълумотга эга бўламиз.
MDRнинг Лейпцигда жойлашган aсосий телевидение маркази ҳудуддаги энг замонавий ва баланд иншоотда жойлашган. Бу марказ билан танишиш учун нафақат журналистлар, балки Лейпцикка келган исталган ташриф буюриши мумкин.
Эътиборлиси, белгиланган тўлов асосида марказни томоша қилиш, у ердаги иш жараёнлари ҳақида қисқача маълумот олиш учун барча имкониятлар яратилган. Шунинг учун ҳам бу марказга ҳар куни кўплаб сайёҳлар ташриф буюради.
Лейпциг шаҳри, Германия.