Миркомилнинг баҳор келса, бирор каттароқ қурилиш объекти чиқиб қолар, деган ўй-хаёлини банд қилганига ҳам икки ой бўлди. Ишда “узилиш” бўлиб, ўзга юртда кун ўтарга майда юмушлар билан бир соатни ўтказишнинг ўзи машаққат.
Аслида унинг хорижга келганига яқинда бир йил бўлади. Бошида ҳаммаси жойида эди, орттирганидан уйига – Жиззахга жўнатиб ҳам турганди. Лекин кейинги икки ойда топиш-тутишида барака қолмади. Шериклари сабр қил, баҳор келса яхши бўлади, дейди…
Мана бугун ҳам у ишлайдиган бригада ишчилари унда-бунда бузилган объектлар ғиштини ажратиш, эски қурилиш материалларини юклаш учун кўчага чиқиб кетди. У эса бормади, бугунча бормади. Йигит дераза токчасида турган чойнакдан совиган чойни лаби учган чашкага қуйди. Чашка унга отасини, уйини эслатди. Ўпкасини тўлдириб нафас олди.

…Жуманазар ака машғулотдан қайтган ўғлини кўриб, газетани секин ёпди. Миркомил салом бериб, хонтахтанинг бир четига ўтирди. Чойнакни ўзига тортиб, пиёлага чой қуя бошлади.
– Ўғлим пиёланг бутунми? – сўради ёнбошлаб ўтирган ота қаддини ростлар экан. – Боя чой қайтара-қайтара қайсидир биттасининг лабини учириб қўйдим. Ҳа, бўлди-бўлди ичавер, бу пиёла ёнимда экан… Айбли идишдан фойдаланиш уйдан баракани қочиради. Кейин, бирор жойингни тилиб кетиши мумкин.
Миркомил чойни ичиб бўлиб, суюнчи тилади. Бир ҳафтадан кейин пойтахтга – мусобақага боришини айтди. Отанинг қалби ғурурга тўлди, ўғлини мақтаб қўйди.
Миркомил Жиззах олимпия ва спорт коллежини тугатиб, манаслик 10-15 беш чоғли болага Ўзбек жанг санъати сирларини ўргатаётганига ҳали кўп бўлмаган. Ярим йилнинг нари-берисида бир неча шогирди туман ва вилоят миқёсидаги мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритди…
Ўша – беш-олти йил аввалги воқеалар Миркомилнинг хаёлида кеча бўлгандай гавдаланди. Моддий қийинчилик, қишлоқ ёшлари билан мунтазам машғулот ўтиш учун шароит йўқлиги сабаб спортдан узоқлашгани доимгидай юрагини эзди. Манасга қайтгиси келди. Телефонда яқинлари бир неча ойда ҳаммаси ўзгариб кетгани ҳақида гапиряпти, янгиланаётган қишлоқ расмларини жўнатяпти. Турли идоралар раҳбарлари маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг дардини эшитаётганмиш, муаммоларини ўрганиб, иложи борича ижобий ҳал этиб бераётганмиш.
Миркомилга бу туйғулар, соғинч ҳисси бегона эмас. Унинг хорижга чиқиб ишлаётганига умумий ҳисобда уч-тўрт йил бўлди. Ана шу безовталик, соғинч сабаб неча бор қишлоққа мўлжалидан олдин келиб қўйган пайтлари бўлди.
У “айбли” чашкадаги чойни ичмади, чойнакка қайтариб қуйди. Бу ишидан қандайдир яхшилик қидирди. Ҳаммаси ниятга боғлиқ, деб бежиз айтишмагандир ахир. Шу тобда йигитнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Рақамлар ўзимизники эди, у гўшакни кўтарди ва узоқ гаплашди.
Хуллас, Миркомилга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашидан қўнғироқ қилишди. Мутасаддилар уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиш тадбирида унинг оиласи билан танишибди, рақамини ўшанда отасидан олибди.
Масъул ходим ҳол-аҳвол сўради, “Жиззахга келинг, иш топиб берамиз, сиз бизга кераксиз”, деди. Йигит аввалига бу мулоқотни бирор танишининг ҳазилига йўйди. Ҳаммаси маълум бўлгандан сўнг уйига қўнғироқ қилди, хурсандчилигини яқинлари билан бўлишди.
…Йигирма олти ёшли йигит Миркомил Олтмишев ушбу ҳикоясини шу ерда тугатди.
– Ўшанда Ўзбекистонга етиб олсам, бу ерларга бошқа қайтмайман, деб ўзимга ўзим ваъда бергандим, – дейди суҳбатдошим. – Бугун Ватанимдаман. Шукр, ҳамма ишларим жойида, лекин ўша ваъдамни бузмоқчиман. Ўзим ишлаган хорижий давлатга, ундан нарисига ҳам албатта, бораман. Нима учун бундай деганимнинг сабабини эса суҳбатимиз сўнгида айтаман.
Миркомил айни пайтда Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас қишлоғидаги 5-умумтаълим мактабида дарсдан ташқари вақтларда ёшларга Ўзбек жанг санъатидан машғулот ўтказади. Машғулотлар Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши Ёшлар маркази қошида ташкил этилган. Эътиборлиси, ўтган йили апрель ойида иш бошлаган тўгарак аъзоларидан бир қанчаси мамлакат миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятга эришди.
Хусусан, ўтган йил июль ойида мамлакатимизда илк марта дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 300 дан зиёд вакил иштирок этган “Бутунжаҳон жанг санъатлари ассамблеяси ва фестивали” доирасида ўтказилган мусобақада Миркомилнинг шогирдлари ҳавас қиларли натижаларни қўлга киритди. Фарғона вилоятида бўлиб ўтган ўша баҳсларда 6-синф ўқувчилари Отабек Абдураҳимов ва Фарҳод Зулпанов учинчи маррани забт этди. Шунингдек, 8-синф ўқувчиси Зоҳид Очилов иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 10-синф ўқувчиси Абдуҳаким Иброҳимов ғолибликни тантана қилди.
Ёш мураббийнинг фаолияти бевосита Ёшлар иттифоқи билан боғлиқ бўлгани учун, у бир вақтнинг ўзида шу мактабда бошланғич ташкилоти етакчиси сифатида ҳам фаолият юритади.
– Ўтган йили 30 март куни Ўзбекистонга қайтдим, – дейди Миркомил Олтмишев. – Кечки пайт таксида қишлоққа кириб келдим. Гапимга ишонмассиз, ўзим туғилиб ўсган Манасни умуман таний олмадим. Кўчаларга асфальт ётқизилган, симёғочларга ўрнатилган чироқлар ҳамма ёқни нурафшон қилиб турибди. Бу ўзгаришлар ҳақида аввал эшитган бўлсам ҳам янги уйларга, йўл четига экилган гулларга ҳайрат билан тикиламан, денг. Ҳайдовчининг қайси кўчада турасиз деган саволига, бироз ўйлаб, атрофга аланглай-аланглай жавоб берсам бўладими. Ўша ўзгариш, янгиланиш менинг ҳаётимга ҳам кўчди. Тонг отиши билан Ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлардан вакиллар келиб, мен билан учрашишди. Иш масаласида бир неча таклифлар бўлди, мен ҳозирги ишимни танладим. Ўзимни қониқтирадиган даражада ойлик маош белгилашди. Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур деганларидек, кўп ўтмай 3 миллион сўмлик зарур спорт анжомлари келтириб беришди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши томонидан ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, аниқланган камчиликларни имкон қадар жойида ҳал этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни суҳбатдошимиз Миркомил мисолида ҳам кўриш мумкин.
Вилоятда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури бўйича ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.
– Ўтган йил август ойида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида турли соҳа мутахассисларидан иборат 290 та кичик гуруҳ тузилди, – дейди Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши раиси Дилмурод Худойшукуров. – Улар томонидан 290 маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юрилиб, 212 минг 980 хонадонга кирилди. Жараёнда 338 минг 355 нафар ёшлар ўртасида сўровлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида ёшларни қийнаб келаётган 12 минг 750 дан ортиқ муаммо аниқланиб, уларни ҳудуд имкониятидан келиб чиқиб бартараф этиш чоралари кўрилди. Натижада уларнинг 8 минг 850 га яқини жойида ҳал этилди.
Вилоятда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 2 минг 764 нафар ёшга тадбиркорлик бўйича тушунчалар берилиб, бизнес режалари ишлаб чиқилган. Шунингдек, 294 нафар ёш тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган. 100 нафардан ортиқ ёшга балиқчилик, боғдорчилик фаолиятини ташкил этиш учун 115 гектар ер майдони, 9 нафар ёш тадбиркорга фойдаланилмай турган бўш бинолар ажратилди.
Ҳозирги кунга қадар 13 та туман ва шаҳарда биттадан “Yoshlar mehnat guzari” комплексини ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор ёш тадбиркорлар жалб қилинди. Ўтган йили Зафаробод, Пахтакор, Ғаллаорол, Зарбдор туманларида “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари фойдаланишга топширилиб, 113 та янги иш ўрни яратилди.
Жорий йилда Жиззах шаҳрида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази ҳамда барча туманларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

– Мусофирликда юрганингда “Ҳолинг не?”, деб биров сўраса, муаммоинг билан қизиқса, бошқача бўлиб кетар экансан, – дейди Миркомил Олтмишев. – Телефондаги ўша суҳбат менга қўлимдан аслида нималар келишини, қандай иш билан машғул бўлишимни эслатиб қўйди. Ўшанда ўзимга ўзим Ватинимдан четга чиқмайман, деб аҳд қилгандим. Бу ерда мен учун яратилган имкониятларни кўриб, энди ўша фикримдан қайтдим. Мен ўзга юртларга, албатта, бораман. Фақат эндиги сафарим катта-катта мусобақалар сабаб, спортчи дўстларим билан юртимиз байроғини баланд кўтариш учун бораман.
Манаслик бу йигит ҳозир ўша истагини амалга ошириш учун астойдил меҳнат қиляпти, қишлоқ ёшлари билан машғулотлар олиб боряпти. Мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенгшароит ва имкониятлар уларнинг бу эзгу мақсадини амалга оширишида мустаҳкам замин бўлмоқда. Ўз навбатида, ёшлар бу орзуларига эришишига ишончимиз комил.
Икром Аввалбоев, ЎзА
Бу мақола 2019 йил 4 февралда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги расмий сайтида эълон қилинган
Мавзуга доир видео: Манасда «Обод қишлоқ» дастурининг амалий самаралари