Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги якунланаётган 2019 йилда вилоятларда бўлган ўзгаришлар ҳақидаги материаллар сериясини давом эттирмоқда. Агентлик бугун фарғона вилоятидаги факт ва рақамларга қисқача тўхталган. Мақола муаллифи Маъсуджон Сулаймонов. Суратларни Муқимжон Қодиров олган.
ЎзА кўзгусида Фарғона вилояти акс этади…
2019 йилдаги ислоҳотлар самаралари рақам ва фотофактларда
Фарғона вилояти ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат ва коммуникация тармоқлари, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалар, бой меҳнат ресурслари билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади.
Фарғона деганда, юртимиздаги қадимий цивилизация ва маданият дурдоналарини ўзида мужассам этган Қува ва Марғилон, Қўқон каби кўҳна шаҳарлар, бу диёрнинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этган Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний сингари буюк алломалар, не-не улуғ зотлар сиймоси хаёлимизда гавдаланади.
Фарғонада 3 миллион 800 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Вилоятда 4 та шаҳар – Фарғона, Марғилон, Қўқон ва Қувасой ҳамда 15 та туман мавжуд.

Ватанимиз тараққиётини юксалтириш йўлидаги самарали меҳнатлари учун Ўзбекистон Қаҳрамони деган энг олий унвонга сазовор бўлган миришкор фермерлар Лолахон Муротова, Патилахон Эргашева, моҳир педагог Манзурахон Мадалиева, тажрибали йўлсоз Улуғбек Умаров, механик Ботир Темиров ва улар каби ўнлаб, юзлаб фарғоналикларнинг номлари бутун юртимизда маълум ва машҳурдир.
***
Жорий йил якуни бўйича вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 107 фоизга етказиш кўзда тутиляпти.
***
Вилоятда 2018 йилга қадар 284 та қўшма корхоналар фаолият кўрсатган бўлса, биргина жорий йилнинг ўзида 105 та янги қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Экспортёрлар корхоналар томонидан 267 миллион доллардан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилди. Шундан 17 хил янги турдаги маҳсулотлардир.
***
Жорий йилда 400 миллион доллардан ортиқ тўғридан –тўғри инвестициялар ўзлаштирилиб, янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. ”Қўқон” эркин иқтисодий зонаси 709,3 гектарни ташкил этиб, бугунги кунда 74 та лойиҳа маъқулланган ва аксарияти иш бошлади.
***
Март ойида Фарғона шаҳрида “Листем-Фергана” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси иш бошлади. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган қўшма корхонада тиббиёт учун зарур бўлган 8 турдаги рентген асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2020 йилдан бошлаб эса корхонада ультратовуш, электрокардиограмма мосламалари каби 18 турдаги юқори технологик, рақамли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
***
Учкўприк туманидаги “Namangan Evro Qurilish Dizayn” масъулияти чекланган жамиятида йиллик қуввати 2,6 миллион квадрат метргипсакартон, 3 100 тонна краска ва лак маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа қиймати 35,3 миллиард сўм.
***
“Qoʻqon Gips” масъулияти чекланган жамиятида лойиҳа қиймати 27,4 миллиард сўмга тенг гипскартон ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 80 та иш ўринлари ташкил этилди.
***
Фарғона шаҳридаги “Winchemical” МЧЖ томонидан термо изоляцион қоғозлар ва қурилиш хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобига қиймати 24,9 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилиб, 45 та янги иш ўринлари яратилди.
***
Давлатимиз раҳбари 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида 2019-2025 йилларда амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларнинг умумий қиймати 26 524,2 млрд. сўмлик, 687 та лойиҳаларни амалга ошириш ва 31 671 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
***
Фарғона вилоятида жойлашган ишламай турган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш, шунингдек, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш мақсадида 4 та кичик саноат зоналари ташкил этилган. Уларда умумий қиймати 810,3 миллиард сўм бўлган 94 та лойиҳалар амалга оширилмоқда.
10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида Биринчи халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтди. Ундан 80 дан ртиқ давлатдан уста-ҳунармандлар ва меҳмонлар иштирок этди. Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев иштирок этди.
***
Жаҳон Ҳунармандлари Кенгаши (WCC) томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри“ мақоми берилди.
***
2019 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятда 7 та янги мактаб бунёд этилди, 13 та мактабда капитал реконструкция ва 11 та мактабда капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.
***
Вилоятдаги 14 та даволаш-профилактика муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 50,9 миллиард сўм сарф этилди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида эса 31 та тиббиёт муассасалари жорий ва мукаммал таъмирланди. “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида 19 та туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларини замонавий ўта сезувчан УТТ (УЗИ) аппаратлари билан таъминланди, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар 13 турдаги 1 минг 214 дона тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
***
Вилоятда жорий йилда инвестиция дастури асосида 35 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-реконстукция ишлари амалга оширилиб, 125 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилди. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига кўра 44 та ана шундай муассасалар бутунлай янги қиёфага кирди.
***
Вилоят пахтакорлари 2019 йил 12 октябрь куни 240 минг тоннадан зиёд пахта хирмонини бунёд этиб, мамлакатимизда биринчи бўлиб пахта топшириш шартнома режасини бажардилар. Шунингдек, фарғоналик фермерлар 2019 йилда жами 820 минг тонна сара дон ишлаб чиқариб, шундан 382 минг 300 тоннадан зиёдини (117 фоиз) давлат омборларига етказиб бердилар.
***
9 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилган бўлиб, улар томонидан 1,3 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 6 та туманларда 19 та ихтисослашган мева-сабзавот кластерлари ташкил этилди.
***
Пиллачилик тармоғидаги туб ўзгаришлар натижасида 2018 йилда 1650 тонна (101%), 2019 йилда 1836 тонна (105%) пилла хом ашёси етиштирилди. Вилоятда 15 миллион дона тут кўчати экилди. Шунингдек, 300 гектардан ортиқ янги тутзорлар барпо этилди.
***
Мустақиллигимиз байрами арафасида Президентимиз фармони билан Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротовага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди.
***
Туризм салоҳияти ва инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида 2019 йилда 372,4 миллиард сўмлик маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 25 та лойиҳалар амалга оширилди.
***
2019 йилда Дастур доирасида вилоятнинг қишлоқ массивларида 247,3 миллиард сўмлик 1 минг 584 та намунавий уй-жойларда қурилиш ишлари олиб борилди. Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида 24 та кўпқаватли уйлар бунёд этилди.
***
“Обод қишлоқ” дастури доирасида 45 та қишлоқларда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиб, 27 мингданзиёд хонадонлардаги 134,9 мингдан ортиқ аҳолининг турмуш шароитлари янада яхшиланди. “Обод маҳалла” дастури доирасида 4та шаҳарлардаги 15 та маҳаллалар янада чирой очди.
***
Вилоятда манзилли дастур асосида 42 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
***
Вилоятда ногиронлиги бор, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2017-2018 йилларда ушбу тоифадаги фуқароларга кредит асосида 322 та уй-жойлар берилган. 2017-2019 йилларда фойдаланиш ҳуқуқи асосида 583 та уй-жойлар ажратилди. 2019 йилда кредит асосида берилиши белгиланган 346 та уйларнинг қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. Янги йилга қадар ушбу уйлар ўз эгаларига топширилади.
2019.12.26
Ўхшаш мақола. Жиззах: 2019 йилда қандай муҳим ўзгариш ва янгиликлар бўлди?