Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 15-бандига мувофиқ узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.
⚠️ Ҳудудий ишчи гуруҳлари 2020 йилнинг 20 декабридан 2021 йилнинг 25 январь кунига қадар (ўша куни ҳам) фаолият кўрсатади.
Қайд этилган Низомга мувофиқ фуқаролар қуйидаги узрли сабабларга кўра ҳудудий ишчи гуруҳларига ариза топширишлари мумкин:
– талаба бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда;
– талабанинг турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;
– талабанинг ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда.
❗️ Ушбу сабаблардан бошқа ҳолатларда фуқаролар ўқишни кўчириш бўйича умумий тартибда ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Фуқаролар узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
– ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);
– талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);
– паспорт нусхаси;
– юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.
❗️ Ўқишни қайта тиклаш бўйича (кўчириб тиклаш бундан мустасно) аризалар талабанинг четлатилганлигига неча йил бўлганлигидан қатъий назар бевосита муайян ОТМга тақдим этилади.

——————————–
Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида Низомга мувофиқ:
🔹Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
🔹Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган шахслар, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилган ва белгиланган муддатда қайтган талабалар истисно тариқасида ўқишга (муайян курсга) давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.
🔹Ўқишдан четлаштирилган (курсдан қолдирилган) ўқув йилида курсига талабани ўқишга қайта тиклашга (кўчириб тиклашга) йўл қўйилмайди.
🔹Ўқишдан четлатилганлигига 5 йилдан 10 йилгача муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) бўлган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш олий таълим муассасаси бўйсунувидаги вазирлик ва идоралар рухсати билан амалга оширилади.