Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот марказида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбирга мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар таклиф этилди.
Бугунги шиддатли, тезкор замонда ахборот олишга бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Айниқса, ҳуқуқий ахборотларга алоҳида зарурат сезилмоқда. Қонунлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, уларга амал қилиш ҳаёт тақозосига айланди.
Ҳуқуқий ахборотни тарқатишда, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришда оммавий ахборот воситаларининг, журналист ва блогерларнинг роли бениҳоя катта. Бироқ қонун ҳужжатлари билан боғлиқ айрим ҳолатлар талқин қилинганда ноаниқлик юзага келса, жамоатчилик фикри чалғиши, аҳолининг давлат органларига ишончсизлиги ортиши мумкин.

Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил қилинди. Марказга ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш, тарғибот йўналишида креатив ғоялар асосида, замонавий стандартларни қўллаган ҳолда ўзгача ёндашувлардан фойдаланиш каби муҳим вазифалар юкланди.
Марказ аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади.
Марказнинг асосий вазифалари аҳолининг турли қатламлари, ўқувчи ёшлар, кичик ёшдаги китобхонлар, имконияти чекланган шахслар, талабалар, турли соҳаларда фаолият юритаётган ходимлар, давлат хизматчилари учун ҳуқуқий ахборот тақдим этиш; глобаллашув жараёнида ёшларимизни турли ёт ғоя ва маданиятлар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоялаш, одам савдоси, гиёҳвандлик ва бошқа турли иллатларга қарши курашишда аҳолини зарур ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаш; тезкор, шиддатли давр ислоҳотлари талаблари асосида янги қабул қилинаётган қонунлар, фармон, қарорлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни ва улардаги ўзгаришлар билан юртдошларимизни мунтазам хабардор этиб боришдан иборат.
Марказ томонидан “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўплами”, “Инсон ва қонун” газетаси, “Ҳуқуқ ва бурч” журнали, турли юридик адабиётлар, дарсликлар, шарҳлар ва турли қўлланмаларни тайёрланмоқда. Марказнинг фаолиятига оид муҳим йўналишлардан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – www.lex.uz фаолиятини ташкил этишдан иборат. Бир кунда Lex.uz сайтидан 45 минг нафарга яқин одам фойдаланмоқда, охирги 4 йилда кунлик фойдаланувчилар сони 3,5 баробарга ўсди. Ушбу базага бир йилда 15 миллион марта ташриф амалга ошириляпти. Бугунги маълумотга кўра, бир ойда сайтга ташриф буюрувчилар сони 1 миллиондан ошади.
Болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича кўргазмали материаллар, инфографикалар, комикслар ва аудиовизуал роликлар тайёрланмоқда. Имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришга кўмаклашиш мақсадида грант маблағларини жалб қилган ҳолда брайл алифбосида 2 жилдлик “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” 2 минг ададда нашр этилди.
Шунингдек, шартнома асосида Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар қонунчилиги тўғрисида ахборотлар тарқатиш, юридик ва консальтинг хизматлари кўрсатиш, ижтимоий-ҳуқуқий мавзудаги медиа материаллар тайёрлаш ҳам марказнинг вазифаларидан ҳисобланади.
“Очиқ эшиклар куни” доирасида марказ фаолияти ҳақида, шунингдек, “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” бўйича видеороликлар намойиш этилди. Марказнинг раҳбар ва масъул ходимлари билан очиқ мулоқот, савол-жавоблар бўлиб ўтди.