Давлат солиқ қўмитаси раиси (30 январда) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири (3 февралда) иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) диссертация ишини ҳимоя қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Илм-фан бўлими хабар берди.
Хабарга кўра, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев 2021 йил 30 январда иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) диссертация ишини ҳимоя қилади.
Маълумот ўрнида: Шерзод Кудбиев 2000 йил Фарғона политехника институтининг бакалавр, 2002 йил ушбу олий таълим муассасасининг магистратура йўналишини тамомлаган.
Шерзод Кудбиев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси каби масъулиятли лавозимида ишлаган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов иқтисодиёт фанлари доктори (DSc) диссертация ишини 2021 йил 3 февралда ҳимоя қилади.
Маълумот ўрнида: Абдуқодир Тошқулов 1976 йил 29 августда Бойсун туманида туғилган. У 1998 йил Термиз давлат университети иқтисод факультетини тамомлаган. Дастлаб шу олий таълим муассасасида ўқитувчи, кафедра мудири, декан муовини бўлиб ишлаган. Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси вазифаларида ҳам ишлаган. 2017 йилдан Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлгунга қадар Термиз давлат университети ректори лавозимида меҳнат қилган.
У икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати. 2018 йил сентябрь ойидан Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган.