Бу чет эллик педагоглар мактабларимизда дарс бериб, ўқитувчиларимиз нонини яримта қиладими?
АҚШдан ташриф буюрган 27 нафар инглиз тили ўқитувчиси 10 февралдан Ўзбекистон мактабларига йўл олади, мазмунидаги хабарларга ижтимоий тармоқларда турли муносабатлар билдирилмоқда. Муносабатлар асносида баъзи саволлар ҳам туғилмоқда. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур ҳолат бу бўйича қуйидагиларни хабар қилди.
«АҚШлик педагоглар харажатлари АҚШ томонидан, Россияликларники эса Россия томонидан қопланади. Улар бизнинг ўқитувчилар билан параллель равишда дарс ўтади, соатини олиб қўймайди. Хитойдан келаётган 1300 та компьютер синфлари харажатлари Хитой томонидан қопланади.
Аввалги янгиликларга бу чет эллик ўқитувчиларга шунча пулни бериб, бизнинг ўқитувчилар нонини яримта қилаяпти деган маънодаги изоҳларни ўқиб, шу масалага ойдинлик киритиб қўйиш керак экан деб ўйладим: Президентимиз томонидан дунёдаги энг салоҳиятли давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши ортидан ушбу давлатлар томонидан Ўзбекистондаги таълим ислоҳотларига кўмаклашиш учун катта грант маблағлари ажратилмоқда. Одатда, грант маблағлари ўзбек томонга пул кўринишида эмас, балки ўша давлат томонидан моддий (масалан, Хитойдан компьютерлар) ёки номоддий (АҚШдан ва Россиядан ўқитувчилар хизмати) ёрдам кўринишида берилади. Бундан ташқари яна кўплаб мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам ёрдам бермоқда. Уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», деди вазир.